Жаҳон банки кичик гидроэнергетикани ривожлантириш учун Ўзбекистонга 150 миллион доллар ажратади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки Ўзбекистонга кичик гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш ва бутун мамлакат бўйлаб электр таъминоти ишончлилигини оширишга қаратилган янги лойиҳани амалга ошириш учун 150 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа хусусий сектор, жумладан, маҳаллий кичик гидроэлектр станциялари (КГEС) ишлаб чиқувчилари ва банклар иштирокида амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳукумати 3 мингга яқин КГEС қурилишига сармоя киритишни ва 2026 йилгача уларнинг ўрнатилган қувватини 160 МВтга етказишни режалаштирмоқда. Бу 280 минг кишини қўшимча электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. “Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги томонидан 2025-2030 йилларда амалга ошириладиган янги лойиҳа ушбу мақсадга эришишга ёрдам беради.
Лойиҳа 2030 йилга бориб умумий ўрнатилган қуввати 150 МВт гача бўлган КГEС қурилишини молиялаштириш имконини беради. Уларда йилига 520 гигаватт-соатдан зиёд экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 430 минг тоннагача қисқартиришга ёрдам беради.
Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларидаги мавжуд суғориш каналларида КГEС қуриш учун 270 га яқин қулай майдонлар олдиндан аниқланган. Уларнинг аксарияти (93%) 100 дан 1000 кВт гача қувват имкониятига эга.
Лойиҳа доирасида молиялаштириладиган КГEСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан сотиб олинади. У қайта тикланадиган энергиянинг ишончли манбаига айланади, энергия балансини диверсификация қилиш имконини беради, энергия билан кам таъминланган ҳудудлар ва қишлоқ жойларда уй хўжаликлари ва хусусий секторнинг электр таъминотини яхшилайди.