ITG Group ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта-тўқимачилик ва енгил саноатда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов Хитойнинг йирик инвестиция компанияларидан бири — “ITG Group” вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, айниқса пахтачилик йўналишида ўзаро алоқалар изчил кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар чоғида пахта-тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган дронлар ва замонавий техникаларни ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама марказида бўлди. Хитойлик мутахассислар Ўзбекистонда мавжуд бозор, инфратузилма ва ишлаб чиқариш салоҳиятини таҳлил қилаётганликларини, шу билан бирга аниқ таклифлар тайёрлаш устида иш олиб бораётганликларини маълум қилишди.
Учрашувда Акмал Қосимов Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.
Мулоқот якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларида амалий чора-тадбирларни белгилаб олиш ва истиқболли лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширишга келишиб олдилар.