IT Park Uzbekistan, Astana Hub va Growth Vision Pro стартапларнинг Хитой бозорига чиқиши учун Халқаро ҳабни ишга туширмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олмаота ўтказилган «AlmatyFair.ai» сунъий интеллект кўргазмаси доирасида IT Park Uzbekistan, Қозоғистоннинг “Astana Hub” ва Хитойнинг “Growth Vision Pro Ltd” компанияси ўртасида стратегик уч томонлама меморандум имзоланди.
IT Park Uzbekistan бош директори Абдулаҳад Кучкаров, “Astana Hub” раҳбари Магжан Мадиев ва “Growth Vision Pro” директори Лаззат Боранкулова томонидан имзоланган ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон стартаплари ҳамда IТ-компанияларига Хитой бозорига киришда ёрдам берадиган платформа — Халқаро ҳаб яратилишига асос бўлди.
Ҳубнинг асосий вазифалари
Хитой экотизимида стартапларни тезлаштириш ва кенгайтириш;
Бизнес миссиялари, B2B учрашувлари ва ихтисослашган кўргазмаларда иштирок этишни ташкил қилиш;
Маҳсулотларни маҳаллийлаштириш стратегияларини ишлаб чиқиш, ҳамкорлар ва инвесторларни излаш;
Таълим дастурлари ва қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
Хитой технология компаниялари ва венчур фондларини Марказий Осиёга жалб этиш.
Абдулаҳад Кучкаров таъкидлаганидек, “Astana Hub" билан тузилган қўшма альянс — “Central Asian Innovation Hubs” — аллақачон дастлабки натижаларини берди: икки мамлакатдан 40 дан ортиқ компания ўз лойиҳаларини “Web Summit 2024” ва “TechCrunch Disrupt 2024” тадбирларида тақдим этган. Янги ҳаб Хитой бозорига эътибор қаратган ҳолда ушбу ҳаракатни янада кучайтиради, IT Park Uzbekistan резидентларига Хитой акселераторлари, менторлик ёрдами ва инвестиция имкониятларидан фойдаланиш имконини беради.
“Growth Vision Pro”, ўз навбатида, Хитойнинг асосий иштирокчилари, жумладан, Шенчжен ва Пекин технология кластерлари билан ҳамкорликни таъминлайди. “Хитой нафақат улкан бозор, балки илғор технологиялар манбаи ҳамдир. Бизнинг мақсадимиз — уни Марказий Осиё стартаплари учун очиқ қилишдир,” — дея таъкидлади Лаззат Боранкулова.
Имзоланган меморандум минтақавий IТ-экотизимни ривожлантиришда янги босқични бошлаб беради. Лойиҳа Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг инновацион ҳаблар сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, шунингдек, технологияларни яратишнинг глобал занжирларига қўшилиш имкониятини яратади. Яқин ойлар ичида томонлар йўл харитасини амалга оширишга киришадилар, жумладан, Хитойга биринчи бизнес миссияларини уюштириш ва стартаплар учун дастлабки акселерация дастурларини ишга тушириш режалаштирилган.