Истанбулда ватандошимиз иши юзасидан суд қарори: фуқаромиз озод қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 16 октябрь куни Истанбул шаҳрининг Бакиркöй туманида жойлашган оғир жиноятлар бўйича 17-суд биносида асли Самарқанд влоятидан бўлган 22 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг иши юзасидан навбатдаги (учинчи) суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд жараёнида Бош консулхона дипломатлари ҳам иштирок этдилар.
Мазкур иш доирасида фуқаромизга нисбатан ноқонуний наркотик моддаларни олиб кириш ва уларнинг айланмаси билан боғлиқ айбловлар кўриб чиқилди. Тергов материалларига кўра, жами 6 нафар шахс ҳамда қидирувда бўлган яна бир неча киши Европа давлатларидан Туркия ҳудудига 30 кг кокаин ва 800 кг психотроп моддаларни юк автомашинаси орқали олиб киришда айбланган.
Ватандошимиз 2023–2024 йилларда ушбу юк машинаси турар жойига яқин жойда жойлашган ёғоч қути ишлаб чиқариш устахонасида ишлаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар операция ўтказган пайтда у мазкур ҳудудда бўлганлиги сабабли қўлга олинган ва гумонланувчи сифатида қамоққа олинган.
Суд мажлиси якунига кўра, судья иш материалларини кўриб чиқиб, қамоқда сақлаш чораси бекор қилиниши ва ватандошимизни озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди.