Истанбулда 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси ЙТҲда ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг бир қатор ОАВ (жумладан, NOW телеканали) ҳамда ижтимоий тармоқларда (“Туркиядаги ўзбеклар” каналида) 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сатторов Самиржоннинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқатилди.
Аниқланишича, С.Сатторов 2025 йил 5 апрель куни Истанбул шаҳрида ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилгани маълум бўлди. Афсуски, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, у 15 апрель куни ҳаётдан кўз юмган.
Марҳум 17 апрель куни Самарқанд вилоятида дафн этилган.
Таъкидлаш жоизки, марҳумнинг оила аъзолари ҳодиса юз берганидан кейин Бош консулхонага бу ҳақда мурожаат қилишмаган.
Олинган маълумотларга кўра, ЙТҲни содир этган Туркия фуқароси ҳодиса жойидан яширинган, бироқ эртаси куни пушаймонлик билдириб, полицияга таслим бўлган. Текширув давомида унинг қонида гиёҳвандлик моддаси аниқланган. Айни вақтда у қамоққа олинмаган бўлиб, суд мажлиси 2025 йил 2 октябрь кунига белгиланган.
Ҳозирда Бош консулхона томонидан жабрланувчининг оила аъзоларига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.