ИССВ Қорақалпоғистондаги ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун имкониятларни тақдим этди
ИССВ Қорақалпоғистондаги ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун имкониятларни тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 февраль куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция лойиҳалари, шунингдек ҳудуднинг экспорт ва туризм салоҳияти билан таништириш мақсадида Нукус шаҳрига ташриф ташкил этилди.
Делегация таркибида 12 нафар Фавқулодда ва Мухтор Элчи (Россия, Қирғизистон, Туркманистон, Корея Республикаси, Монголия, Фаластин, Жазоир, Руминия, Туркия, Словакия, Чехия ҳамда БМТ), 13 нафар дипломатик ваколатхоналар маслаҳатчилари (Озарбайжон, Малайзия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, АҚШ, Буюк Британия, Венгрия, Латвия, Европа Иттифоқи, Швейтсария ва Украина), шунингдек “Россия экспорт маркази” АЖ, Марказий Осиё учун Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти ҳамда Осиё тараққиёт банки ваколатхонаси раҳбарлари иштирок этди.
Иштирокчиларда умумий қиймати 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция таклифлари портфели катта қизиқиш уйғотди. Шулардан 1,8 миллиард долларлик 78 та лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилган.
Меҳмонлар “Nukus SSP Texnopark” (ип-калава ишлаб чиқариш), “OSTEN TECHNOLOGIES” (радиаторлар ишлаб чиқариш) ҳамда “KARAKALPAK BASALTWOOL” (иссиқлик изоляция материаллари) корхоналарига, шунингдек маданий мерос объектларига ташриф буюрди.