ИССВ: Ўзбекистон-Туркманистон эркин савдо зонаси ривожланмоқда
ИССВ: Ўзбекистон-Туркманистон эркин савдо зонаси ривожланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркменистон Президенти Сердар Бердимухамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган битим доирасида ишга туширилган Ўзбекистон - Туркманистон эркин савдо зонаси бугунги кунда фаол ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, ушбу лойиҳа икки давлат фуқаролари учун эркин кириб-чиқиш имконини яратиб, ўзаро савдо ҳажмининг ошиши, миллий маҳсулотлар тарғиботи ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янги шароитлар яратмоқда.
Савдо зонаси тўлиқ қувватда ишламоқда: юзлаб дўконлар очилган, божхона пости ишлаяпти, товарлар ва ташриф буюрувчиларнинг узлуксиз ҳаракати таъминланмоқда. Ҳар икки давлат фуқаролари эркин ҳаракатланиб, харидлар қилмоқда ва мавжуд инфратузилмалардан фойдаланмоқда.
Хусусан, мажмуада хостел, 115 ўринли ошхона, тиббиёт пункти, сартарошхона, 118 та дўконли ёпиқ савдо павильони, 50 та хизмат кўрсатиш нуқтаси, 300 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ, шунингдек карантин, ветеринария ва фитосанитария хоналари, Миллий банк филиали, омборхона ва контейнер омборлари ҳам фаолият юритмоқда.
Зонанинг ишга туширилиши Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги трансчегаравий савдони кенгайтириш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Ушбу янги савдо маркази ўзаро савдо ҳажмининг ошиши, миллий маҳсулотларнинг тарғиб қилиниши ҳамда чегаранинг ҳар икки томонидаги тадбиркорликни ривожлантириш учун реал имкониятлар яратиб, бизнес фаолияти учун янги уфқларни очмоқда.