Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 29/04/2025 Иссиқхона газларининг чиқарилиши билан боғлиқ жараёнлар тартибга солинади

Иссиқхона газларининг чиқарилиши билан боғлиқ жараёнлар тартибга солинади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ялпи мажлисда “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Хабарингиз бор ушбу Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги ҳамда Қонуннинг айрим нормаларини такомилга етказишни тақазо этганлиги боис, Қонун Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 25 январдаги СҚ-62–V-сонли Қарори билан рад этилган эди.
Мазкур қонун Олий Мажлис палаталари тузган келишув комиссияси томонидан такомилига етказилиб, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга қайта киритилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқлим ўзгаришини олдини олиш, унинг салбий таъсирларини камайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ бугунги кунда иссиқхона газлари чиқарилишини тартибга солувчи қонун ва норматив база яратилмаганлиги республикада иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтиришда иқтисодий, технологик ва экологик йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини чекламоқда.

Бу эса, ўз навбатида, соҳани халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Қонунда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга оширишнинг тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишини тизимли назоратини таъминлашга эътибор қаратилган.

Қонунда иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари, унинг мониторинги, ҳисоботи ва верификация тизими асослари, тартиби, қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик қилиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши Париж битимига асосан иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш бўйича олинган мажбуриятлар Ўзбекистон томонидан бажарилишини таъминлашга, мамлакатимизда иқлим ўзгариши бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришга, атроф муҳит ва экологияни яхшилаш ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун зарур шароит яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан иқлим ўзгариши ва иссиқхона газларини қисқартириш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини самарали амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

Муҳокама якунида ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР