Ислом тараққиёт банки вакиллари билан ҳамкорликдаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 июль куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ)нинг минтақавий директори Али Хан Муҳаммад бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Олмаота шаҳридаги ИТБнинг Минтақавий марказининг лойиҳаларни бошқариш бўйича мутахассиси Алибек Казангапов, ИТБнинг Ўзбекистондаги вакили Ҳусан Ҳасанов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятли ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарали лойиҳалар кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, ИТБ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш”, “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш”, “Кичик ва ўрта корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш (SERVE)” лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолатига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар самарали ҳамкорликни ривожлантириш, белгиланган мақсадларга эришишда тизимли ва жадал ҳамкорлик олиб бориш ҳамда ўзаро фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.