“Ислом банк фаолиятини жорий этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугунги кунда молия бозорида янги молиявий маҳсулот ва хизматларни жорий қилиш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу мақсадда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳа билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда 8 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, қонунчиликка исломий банк, молия операциялари ва стандартлари ҳамда инвестициявий депозит тушунчаларини киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни жорий қилиш назарда тутилиб, мазкур лицензияни олиш бўйича аниқ талаблар ҳам белгиланмоқда.
Шу билан бирга, исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга банклар томонидан амалга ошириладиган молия операциялари белгилаб бериляпти.
Халқ вакилларининг фикрича, қонун лойиҳаси анъанавий молиявий хизматларга муқобил молиявий хизматларни жорий қилишга ҳамда молиявий оммабопликни оширишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.