Ироқлик тадбиркорлар Ўзбекистон электротехника саноати салоҳияти билан танишдилар
Ироқлик тадбиркорлар Ўзбекистон электротехника саноати салоҳияти билан танишдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Ироқ Республикасидан келган ишбилармонлар делегацияси Тошкент шаҳрида жойлашган “TEXNOPARK” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Ташрифда Ироқ Савдо вазири Асир Довуд Салмон ал-Ғурайрий ҳам иштирок этди.
TEXNOPARK 103,3 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бу ерда умумий қиймати 465 миллион АҚШ долларига тенг 17 та лойиҳа ишга туширилган.
Натижада 6 500 та янги иш ўрни яратилган ҳамда 100 дан ортиқ турдаги электротехника ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
TEXNOPARK ҳудудида ташкил этилган махсус кўргазма меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Унда 30 дан ортиқ компания томонидан қарийб 400 га яқин маҳсулот намуналари тақдим этилди.
Ташриф якунида ироқлик ишбилармонлар Ўзбекистон электротехника саноатининг эришган ютуқлари, маҳсулотлар ассортименти ва йирик инвестиция лойиҳаларига юқори баҳо бериб, келгусида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.