«Ипотека-банк» 400 миллион долларлик икки валютали облигацияларни Вена биржасида жойлаштиришни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ипотека-банк» умумий қиймати 400 миллион долларлик янги икки валютали облигацияларни жойлаштиришга тайёргарлик кўрмоқда, дея хабар берди Investing.com банкнинг пресс-релизи асосида.
Лойиҳага кўра, беш йиллик 300 миллион долларлик ва уч йиллик, умумий қиймати 100 миллион долларга тенг бўлган ўзбек сўмларидаги облигациялар чиқарилиши назарда тутилган. Икки серияли облигацияларнинг жойлаштирилиши Вена фонд биржаси (MTF)да амалга оширилади.
J.P. Morgan Securities PLC стабилизация координатори сифатида қатнашади, Citi, OTP Bank, Societe Generale, Bank of China ва Mashreq Bank эса чиқарилишни бошқарувчи банклар сифатида иштирок этади. Стабилизация даври 2025 йил 2 октябрдан 2 ноябргача давом этади. Бу вақт мобайнида ташкилотчилар чиқарилган облигациялар ҳажмининг 5 фоизигача бўлган қисмини бозор нархини қўллаб-қувватлаш учун йўналтиришлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил ноябрида «Ипотека-банк» Лондон фонд биржасида беш йиллик халқаро облигацияларни 300 миллион доллар миқдорда, йиллик 5,5 фоиз ставкасини белгилган ҳолда жойлаштирган эди. Ушбу мажбуриятлар 2025 йил октябрь ойи охирида тўлиқ қопланиши керак.
2023 йил июнида Венгриянинг OTP Bank’и «Ипотека-банк»даги 73,71 фоиз давлат улушини 324 миллион долларга сотиб олиш жараёнини якунлади. Шу билан бирга, келгуси уч йил ичида қолган 25 фоиз акцияларни сотиб олиб, ўз улушини 98 фоизга етказишни режалаштирмоқда. 2024 йил апрелида эса банк Вена фонд биржасида қиймати 1,4 трлн сўм бўлган, йиллик 20,5 фоиз купон ставкаси билан уч йиллик еврооблигацияларни чиқарган эди.