“Ипак йўлида туризм” 30-юбилей Тошкент халқаро туризм ярмаркаси якунланди
“Ипак йўлида туризм” 30-юбилей Тошкент халқаро туризм ярмаркаси якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, шунингдек, Миллий ПР-маркази ҳамда «Интерфорум» компанияси томонидан ташкил этилган уч кунлик “Ипак йўлида туризм” 30-юбилей Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЙ-2025) якунланди. Бу йил ҳам ярмарка «САEх» (Central Asian Expo Uzbekistan) халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтди.
Ярмарка маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш учун замин яратиб, Ўзбекистонни жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида танитишда муҳим аҳамият касб этди. Ноёб сайёҳлик маршрутлари ва ҳудудий диққатга сазовор жойларнинг тақдимоти мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қизиқиш уйғотди, ҳамкорликни кенгайтириш ва сайёҳларни жалб этишда янги истиқболларни очди. Кенг кўламли тадбир 100 дан ортиқ нуфузли оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортди ва бу Ўзбекистоннинг халқаро майдонда эътирофининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилди.
“Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туризм ярмаркаси 1995 йилдан буён мамлакатимизда ва бутун Марказий Осиё минтақасида туризм соҳасининг энг йирик ва эътиборли тадбири сифатида ташкил этилиб келинмоқда. Бу ярмарканинг асосий вазифаси — мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш этиш, туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай инфратузилмани яратиш ва янги туристик маршрутларни тақдим этишдан иборат.
Ярмаркага 15 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди, улар орасида 72 та хорижий давлат, жумладан, Франция, Германия, Япония, Буюк Британия, Голландия каби давлат вакиллари ҳам борлиги эътиборга лойиқ.
Уч кун давомида Ярмарка доирасида жами 44 та стенд остида юздан ортиқ маҳаллий ва хорижий туризм соҳаси субъектлари иштирок этди. Шунингдек, «Б2Б» учрашувлар ташкил этилиб, уларда минглаб музокаралар олиб борилди ва битимлар имзоланди.
Таъкидлаш лозимки, бу йилги ярмаркада Хитой Халқ Республикаси илк бор ўз миллий стенди билан иштирок этди.
“Hosted Buyers” – профессионал харидорлар дастури бўйича 10 та хорижий ва 30 дан ортиқ маҳаллий туристик компаниялар ҳам иштирок этиб, улар томонидан 50 дан ортиқ шартномалар имзоланди.
Бундан ташқари, соҳага оид панель сессиялари, ворк-шоплар, “Uzairo” халқаро авиация форуми, “Delicious Uzbekistan” (“Лаззатли Ўзбекистон”) халқаро гастрономик фестивали, Ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, Туризм таълими форуми, “Глобал сайёҳлик медиакампуси” (унинг доирасида “Табаррук зиёрат” халқаро медиатури ва “B2B” форматда учрашувлар), Этноўйинлар фестивали, “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” форматида биринчи туризм форуми ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти туризм вазирлари конференциясига раислик доирасида ИҲТ туризм форуми каби йирик тадбирлар ўтказилди.
Кўргазманинг ёпилиш маросимида келаси йили 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиши эълон қилиниб, ярмаркада ўз стендлари билан иштирок этган барча туризм соҳаси вакилларига эсдалик совғалари топширилди.