Валюта курслари 07/05/2025
$1 – 12924.92
UZS – -0.1%
€1 – 14620.67
UZS – -0.36%
₽1 – 159.94
UZS – 0.76%
Қидириш
Ўзбекистон 19/02/2025 Интеллектуал мулк ҳимояси янада кучайтирилади

Интеллектуал мулк ҳимояси янада кучайтирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда интеллектуал мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини оширишни таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш, интеллектуал мулк эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фуқаролик кодекси, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунларда интеллектуал мулк ҳимоясини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тубдан қайта кўриб чиқилди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди.

Лекин бугунги кунда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони ва уларни содир этиш усуллари ва кўлами ортиб бораётгани интеллектуал мулк эгалари, хусусан, муаллифлар, ижодкорлар, ихтирочилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилишни тақозо этмоқда.

Таҳлилларга кўра, сўнгги беш йилда интеллектуал мулкнинг тадбиркорлик фаолиятидаги фойдаланиш кўламининг ортиши ва айрим бизнес вакиллари томонидан ноҳалол тадбиркорлик фаолияти олиб борилиши сабабли бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар сони кескин ошган.  Жумладан, 2023 йилда судлар томонидан интеллектуал мулк объектлари ҳимоясига оид 249 дан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. 

2024 йилда эса интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари бўйича муаллифлар фойдасига суд қарорлари билан бир миллиард сўмга яқин тавон пули ундирилган.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Фуқаролик кодексларига муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни, шунингдек, саноат мулки объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда интеллектуал мулк ҳуқуқига бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантириш ва интеллектуал мулк эгаларининг моддий манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасидаги жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали контрафакт маҳсулотларнинг айланмасига чек қўйиш ва аҳолининг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк объектларини қонуний фойдаланиш бўйича масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг