"Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китоб тақдимоти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 август куни Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида илк бор нашр этилган "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамияти, Хитой Халқ Республикасининг Адабиётларни хорижий тилларда нашр этиш ва тарқатиш ишлари бўйича бошқармаси, ХХРнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Китоб тақдимотида 14-чақириқ Умумхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг доимий аъзоси, Миллий ва диний ишлар бўйича комиссия бошлиғининг ўринбосари, Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, ХХРнинг Адабиётларни хорижий тилларда нашр этиш ва тарқатиш ишлари бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юй Тао, дипломатик корпус, илмий ва академик доиралар, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлари иштирок этди.
Маърузачилар ўз чиқишларида "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китоб Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид концептуал ёндашувларини очиб берувчи нуфузли манба сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Ушбу китобнинг ўзбек тилида нашр этилиши ўзаро илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши эътироф этилди.
Тадбир якунида меҳмонлар ва иштирокчиларга ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китобининг ўзбек тилидаги нашри тақдим этилди.