Иллинойс штати назоратчиси бошчилигидаги америкалик ишбилармонлар делегацияси Андижон вилоятига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг Иллинойс штати молиявий масалалар бўйича контрольёри Сусана Ангелина Мендоза бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси Андижон вилоятида бўлди.
АҚШлик меҳмонлар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида Бобур номли Андижон халқаро аэропортида тантана билан кутиб олинди.
Мулоқотда вилоят раҳбари меҳмонларни Андижонга ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётганлиги, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий, таълим ва бошқа қатор йўналишларда ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг меҳмонлар Андижон шаҳри марказидаги «Жоме» меъморий мажмуаси – Регистон майдонида бўлди. Мажмуадаги тарихий обидалар, ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар кўргазмалари билан танишди.
Делегация аъзолари Андижон шаҳрининг бош жоме масжидини зиёрат қилди. Масжид тарихи, унинг ўзига хос архитектураси, халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида маълумотлар олди.
Сусана Ангелина Мендоза бошчилигидаги делегация аъзолари Андижон шаҳридаги жинси ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ДИРОММ Жеанс” фабрикаси, тўқимачилик ва уй-текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ДИНАР ГРОУП” МЧЖ корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Меҳмонлар корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларининг замонавий технологиялар асосида ташкил этилгани, шунингдек, ишчи-хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Жумладан, корхоналар фаолиятидаги юқори самарадорлик ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати алоҳида таъкидланди.
Делегация Олтинкўл туманида ташкил этилган “Мебелсозлик комплекси” саноат зонасида бўлиб, у ердаги ишлаб чиқариш ва савдо нуқталари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Мебель ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар асосида ташкил этилган цехлар ҳамда тайёр маҳсулот ва фурнитуралар намойиш этилган шоурумни кўздан кечирди.
Шунингдек, меҳмонлар Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғида бўлди. Шоҳ, шоир ва саркарда Бобур Мирзо қабри зиёрат қилинди, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи экспонатлари билан танишилди.
Делегация аъзолари Булоқбоши туманидаги Учкўча маҳалласида бўлиб, аҳоли хонадонларида етиштирилган узумларни кўздан кечирди. Узумчиликка ихтисослашган маҳаллалар, ўзига хос тажрибалар ҳақида меҳмонларга кенг маълумотлар берилди.
АҚШлик меҳмонлар Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган халқ сайлида иштирок этиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлди, халқимизнинг урф-одатлари, миллий либослари, таомлари ва санъати билан яқиндан танишди.
Меҳмонлар сайл доирасида тайёрланган 1 тонналик халқимизнинг шох таоми – паловдан баҳраманд бўлди.
Ташриф доирасидаги суҳбат ва мулоқотларда АҚШлик инвесторларни мамлакатимизга, хусусан, Андижонга жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фикр алмашилди. Хизмат кўрсатиш ва логистика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар ўртага ташланди.