Ижтимоий ҳимоя агентлигида Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Агентлик директори билан Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Уфук Улуташ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Туркия элчихонаси вакиллари, Агентлик ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси маслаҳатчиси иштирок этди.
Суҳбат давомида ижтимоий соҳадаги амалдаги ва истиқболдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги мустаҳкам, қардошлик ришталари, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган интилиш асосида ривожланиб бораётгани таъкидланди. Болаларни ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, илғор тажриба алмашиш ва қўшма гуманитар ташаббусларни амалга ошириш йўналишларида икки томонлама ҳамкорликнинг юқори суръати қайд этилди.
Учрашувда, шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) билан амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалар ва келажакда бу каби ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Туркияда яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ гуманитар масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. Ижтимоий сиёсатда оиланинг тутган ўрни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мавзуси алоҳида муҳокама қилинди.
Учрашув якунида аҳолининг фаровонлигини ошириш ва икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан томонларнинг икки томонлама манфаатдорлиги тасдиқланди.