Валюта курслари 13/06/2025
$1 – 12705.79
UZS – 0.47%
€1 – 14704.41
UZS – 1.68%
₽1 – 159.20
UZS – -1.04%
Қидириш
Ўзбекистон 14/06/2025 Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалициянинг форумида Ўзбекистонинг ижобий тажрибаси эътироф этилди

Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалициянинг форумида Ўзбекистонинг ижобий тажрибаси эътироф этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Женевада ўтаётган Ижтимоий адолат бўйича Глобал коалициянинг форуми доирасида “Ҳамкорлар суҳбати – инсон ҳуқуқлари иқтисодиёти” мавзусида бўлиб ўтган панель муҳокамасида Сенат Раиси Танзила Нарбаева расмий баёнот билан иштирок этди.

Сенат Раиси Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ва ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Баёнотда иқтисодий ва ижтимоий сиёсат фуқаролар манфаатларига хизмат қилиши, инсон ҳуқуқлари эса инклюзив ва барқарор иқтисодиётнинг асосига айланиши кераклиги алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, самарали бошқарув ва экологик барқарорликка эришишни асосий устуворлик деб билади. Ушбу тамойиллар инсон ҳуқуқларига асосланган иқтисодиёт ёндашуви билан уйғунлашади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари соҳасида муҳим натижаларга эришди. ХМТнинг барча асосий ва устувор конвенциялари ратификация қилинди. 2023 йилда қабул қилинган янги Конституция ва Меҳнат кодексида ушбу халқаро стандартлар ўз аксини топган. Айниқса, аёллар, ёшлар ва заиф гуруҳлар манфаатларини ҳимоя қилувчи жамоавий келишув институти кучайтирилди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга нафақат имтиёз, балки фундаментал ҳуқуқ сифатида қаралаётгани таъкидланди. ХМТ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “2030 йилгача ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегия” универсал қамров, ижтимоий хизматлар, ижтимоий суғурта ва меҳнат бозоридаги фаол чораларни назарда тутади.

Баёнот якунида инсон ҳуқуқлари тамойилларини глобал молиявий бошқарув тизимларига чуқур интеграциялаш зарурлиги таъкидланди. Бундай ёндашув Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги” тамойилини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Тадбир давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ижобий тажрибани эътироф этди.

Ўзбекистон ҳамкорликка тайёрлигини, тажриба алмашишга очиқлигини ва ҳар бир сиёсат, бюджет ва ислоҳот инсон ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак, деган қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг