ИИБ ходими Бухоро вилоятида дарёга сакраб тушган аёлни қутқариб қолди
ИИБ ходими Бухоро вилоятида дарёга сакраб тушган аёлни қутқариб қолди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилояти Вобкент тумани профилактика инспектори, капитан Амрилло Расулов дарёга ўзини ташлаган аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти маълум қилди.
Ҳодиса 29 январь куни соат тахминан 16:30 да содир бўлган. Сув ичида аёлни кўрган ички ишлар органлари ходими дарҳол муздек сувли ва кучли оқимли дарёга сакраб тушиб, уни соҳилга олиб чиқишга муваффақ бўлган. Бу пайтда унга атрофда бўлган фуқаролар ҳам ёрдам берган.
Ҳодиса жойига тез ёрдам бригадаси етиб келиб, жабрланувчини шифохонага олиб кетган.
Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, аёлнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Маълум қилинишича, аёл 20 ёшда бўлиб, унинг тўрт нафар фарзанди бор ва у Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилади.
Ушбу ҳолатга олиб келган сабаблар ва вазиятлар ҳозирда аниқланмоқда.