ИҲТ Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани қўллаб-қувватлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибияти ўз расмий сайтида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари томонидан уч давлат давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги шартнома ҳамда «Хўжанд декларацияси» имзоланганини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Бош котибият Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров томонидан имзоланган ушбу тарихий келишувни мамнуният билан қарши олганини таъкидлади. Ушбу шартнома давлатлар ўртасидаги чегараларни якуний демаркация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Ҳужжат 2025 йил 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўтказилган уч мамлакат етакчилари саммити давомида имзоланди.
ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа уч давлат раҳбарлари ва халқларини ушбу муҳим ютуқ билан табриклади. У таъкидлашича, ушбу келишув 30 йилдан ортиқ вақт давомида ҳал қилинмаган чегара масалаларини тартибга солиш бўйича кўп йиллик музокараларнинг натижаси бўлди. Шунингдек, у мазкур шартнома Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик муносабатларни янги босқичга олиб чиқишини қайд этди.
ИҲТ ҳар доим мамлакатлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини билдириб келган. Шу муносабат билан Бош котиб ушбу келишув Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик, минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилишини ишонч билан таъкидлади.