IDEAL компаниясининг янги музлатгич ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди
IDEAL компаниясининг янги музлатгич ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмасига аъзо IDEAL компанияси музлатгич ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхонасини тантанали равишда фойдаланишга топширди. Мазкур лойиҳа миллий маиший техника саноатини ривожлантириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган.
Очилиш маросимида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия давлатларидан ташриф буюрган хорижий меҳмонлар, шунингдек, вилоят ва туман раҳбарияти вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида IDEAL брендининг кенг турдаги музлатгичлари билан бир қаторда, компания томонидан ишлаб чиқарилаётган янги авлод маиший техника маҳсулотлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
Лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, корхона кенг турдаги музлатгичлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий ишлаб чиқариш линияси билан жиҳозланган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 минг дона музлатгични ташкил этади. Корхона фаолияти доирасида 100 та янги иш ўрни яратилди.
IDEAL компаниясининг мазкур янги ишлаб чиқариш қуввати маҳаллий истеъмолчилар билан бир қаторда, хорижий бозорларни ҳам рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.