 
                            
                                Ички ишлар вазирлиги ва ДХХ кучли таъсир этувчи дори воситалари ишлаб чиқарувчи яширин лабораторияни фош этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида «закладка» тизими орқали кучли таъсир этувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.
22 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган қўшма махсус операция давомида гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Учтепа туманида тўхтатилган автомашинани текшириш жараёнида икки нафар гумонланувчидан 350 дан зиёд прегабалин қутилари ва 25 дона тропикамид воситалари топилди. Бу моддалар кучли таъсир этувчи воситалар тоифасига киради ва кўп ҳолларда ноқонуний айланмада ишлатилади.
Кейинги тезкор ҳаракатлар натижасида гуруҳнинг яна икки аъзоси қўлга олинди. Аниқланишича, улар Яшнобод туманидаги уйлардан бирида яширин лаборатория ташкил этиб, у ерда ман этилган воситаларни тайёрлаган.
Тинтув давомида тахминан 50 килограмм прегабалин, 2 килограмм тропикамид, тайёр дозалар, хомашё, минглаб флакон ва капсулалар ҳамда лаборатория жиҳозлари мусодара қилинди.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларни ҳушёрликка чорлаб, ноқонуний дори воситалари ёки кучли таъсир этувчи моддалар айланмаси билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида Stopnarkobot Telegram-канали орқали хабар беришга чақирди.