Валюта курслари 18/12/2025
$1 – 12059.78
UZS – -0.38%
€1 – 14129.24
UZS – -0.73%
₽1 – 150.07
UZS – -1.63%
Қидириш
ICBA билан Қорақалпоғистонда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор масалалари муҳокама қилинди

ICBA билан Қорақалпоғистонда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор масалалари муҳокама қилинди

ICBA билан Қорақалпоғистонда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) бош директори доктор Тарифа Ал Заҳаби ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида ICBAнинг Ўзбекистон билан кўп йиллик самарали ҳамкорлиги, қурғоқчил шароитларда қишлоқ хўжалигини юритиш ва шўрга чидамли экинларни ишлаб чиқиш борасидаги юқори даражадаги техник экспертизаси учун миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, доктор Тарифа Ал Заҳабининг шахсий ҳиссаси ва ICBAнинг халқаро тажрибаси иқлимга мослашувчан аграр тизимларни қўллаб-қувватлашда алоҳида эътироф этилди.

Азиз Абдуҳакимов Қорақалпоғистон Республикаси чўлланиш, тупроқ шўрланиши, сув ресурслари танқислиги ҳамда Орол денгизи қуриши оқибатлари туфайли мамлакатдаги энг заиф ҳудудлардан бири эканини таъкидлади. Шу нуқтайи назардан, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва маҳаллий озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ҳукумати томонидан устувор вазифалар сифатида белгиланган. Ҳамкорликнинг асосий мақсади Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини шакллантиришдан иборат экани қайд этилди.

Мазкур мақсад доирасида "Абу-Даби тараққиёт фонди" (ADFD) томонидан молиялаштирилаётган “Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа натижасида етти тумандаги 1500 дан ортиқ фермерлар ўқитилди, шунингдек, шўрланган ва қурғоқчил иқлим шароитларига мослаштирилган 12 турдаги синовдан ўтган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари тарқатилди. 2025 йилда лойиҳа доирасида умумий қиймати 1,97 млрд сўм бўлган интеграциялашган агро-аквакултура тизими (IAAS) ташкил этилди. Ушбу объектнинг расмий очилиши жорий йилнинг сентябрь ойида Абу-Даби тараққиёт фонди бош директори доктор Муҳаммад Саиф Ал Суўаидийнинг ташрифи чоғида бўлиб ўтди.

Учрашувда, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган асосий экологик ислоҳотлар йўналишлари тақдим этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Экология вазирлиги Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига айлантирилгани ҳамда Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилгани қайд этилди. Ушбу ўзгаришлар мамлакатнинг экологик бошқарувни кучайтириш, назорат самарадорлигини ошириш ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштиришга содиқлигини кўрсатади.

Алоҳида эътибор Марказий Осиё экология ва атроф-муҳитни ўрганиш марказини ташкил этишга қаратилди. Мазкур марказнинг асосий вазифалари қурғоқчил ҳудудлар экологияси бўйича рақамли маълумотлар базасини шакллантириш, чўлланиш ва шўрланиш шароитида экологик ўзгаришларни прогнозлаш, шунингдек, табиий ресурслар, сув ва қишлоқ хўжалигини бошқариш соҳасида илмий асосланган стратегиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Учрашув якунида Ўзбекистон томони 2026 йил 30 майдан 6 июнгача бўлиб ўтадиган Глобал экологик фонднинг (ГEФ) 8-Ассамблеяси ҳамда "Eco Expo Central Asia –2026"  халқаро кўргазмасига мезбонлик қилиши ҳақида маълумот берди ҳамда ICBA раҳбариятини ушбу тадбирларда, жумладан экологик молиялаштириш бўйича ечимларни шакллантириш жараёнида иштирок этишга таклиф этди.

Шунингдек, учрашув якунида хорижий делегация аъзолари учун янги ташкил этилган Марказий Осиё экология ва атроф-муҳитни ўрганиш маркази бўйлаб таништирув экскурцияси уюштирилди. Меҳмонларга марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, илмий-тадқиқот инфратузилмаси, шунингдек, минтақавий экологик рақамли маълумотлар базасини шакллантириш ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш соҳасида амалий тадқиқотларни ривожлантириш режалари тақдим этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг