HUMO ва Korti Milliy тўлов тизимлари стратегик шартнома имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 13 октябрда Душанбеда бошланган халқаро Plus Forum доирасида "Korti Milliy" (Тожикистон) ва "HUMO" (Ўзбекистон) тўлов тизимлари ўртасида стратегик келишув имзоланди. Меморандумда томонларнинг ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш нияти белгиланган.
Келишувнинг асосий жиҳати тўлов инфратузилмаларининг ўзаро интеграциясидан иборат: "HUMO" карталари "Korti Milliy" тизимида, "Korti Milliy" карталари эса – Ўзбекистонда ишлайди. Бу ҳар икки мамлакат карта эгалари учун янги имкониятлар яратади. Ҳужжатнинг мақсади икки йирик тўлов тизими ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантиришдир.
Plus Forum одатда профессионал мулоқот ва тажриба алмашиш учун нуфузли майдон вазифасини ўтайди. Бу йилги тадбирда "HUMO" компаниясини Алексей Голенишчев "Банкинг ва тўлов соҳаси киберҳавфсизлиги ва кибербарқарорлиги" мавзусидаги маърузаси билан тақдим этди.
Бундай халқаро анжуманларда иштирок этиш компанияга жаҳон молия ҳамжамиятида ўз мавқеи ва ишбилармонлик обрўсини мустаҳкамлаш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, Тожикистон билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш Ўзбекистон Республикаси учун ғоят муҳим ва президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Тожикистонга қилган амалий ташрифи ҳам бунинг ёрқин далилидир.