«Hududgaztaʼminot» АЖ ва Жанубий Кореянинг E&CO компанияси ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Hududgaztaʼminot» АЖ ва Жанубий Кореянинг E&CO компанияси ўртасида газ таъминотида замонавий тизимларни жорий этиш лойиҳаси бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Ушбу компания газ инфратузилмаси ва криоген технологиялар соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, мазкур йўналишда Индонезия, Ветнам ва Миср каби мамлакатларда йирик лойиҳаларни амалга оширган.
Учрашув чоғида компания Ўзбекистонда Корея ҳукумати томонидан молиялаштириладиган дастур доирасидаги грант асосида пилот лойиҳа амалга ошириш таклифини билдирди. Лойиҳа доирасида аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларини табиий газ билан таъминлаш имконини берувчи кичик ҳажмли суюлтирилган табиий газ (СТГ) сақлаш ва қайта газга айлантириш мажмуалари қурилиши назарда тутилган.
Томонлар мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олишди.