Валюта курслари 24/10/2025
$1 – 12129.33
UZS – 0.23%
€1 – 14061.53
UZS – 0.21%
₽1 – 149.17
UZS – 0.78%
Қидириш
“HoReCa Expo 2025”да Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик салоҳияти кенг намойиш этилди

“HoReCa Expo 2025”да Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик салоҳияти кенг намойиш этилди

“HoReCa Expo 2025”да Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик салоҳияти кенг намойиш этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 21-23 октябрь кунлари Тошкентда Туризм қўмитаси ва Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси томонидан "HoReCa Expo Uzbekistan 2025" халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси ўтказилди.

Мазкур тадбир туризм, меҳмондўстлик соҳаси ва ресторан бизнесини тарғиб қилиш ҳамда ривожлантириш учун асосий майдон вазифасини ўтади.

Уч кун давомида кўргазмага 4,5 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Тадбирда Озарбайжон, Италия, Германия, Швейцария, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан 30 га яқин компания ҳамда 70 дан ортиқ спикерлар ва экспертлар иштирок этди. Иштирокчилар хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлик майдонидаги имиджини мустаҳкамлашга қаратилган инновацион ечимлар, технологиялар ва илғор тажрибаларни намойиш этдилар.

Биринчи кун туризмнинг барқарор ривожланиши, меҳмонхоналар архитектураси ва дизайни, рақамлаштириш ҳамда HoReCa соҳасига инвестициялар масалалари муҳокама этилди. Иккинчи кун эса гастрономия йўналишига бағишланди - "Gastro Forum" доирасида француз ошпази, икки Michelin юлдузи соҳиби Жан Ашнер, шунингдек, турли мамлакатлардан келган ресторан эгалари ва мутахассислар иштирокида мунозаралар ва тақдимотлар ўтказилди.

Кўргазманинг якуний куни туризм соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва таълим ташаббусларига қаратилди. Дуал таълимни жорий этиш йўллари ҳамда мутахассислар тайёрлашга замонавий ёндашувлар атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси Қирғизистонлик ҳамкорлар, маҳаллий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Шунингдек, Тошкентдаги Цингапур менежментни ривожлантириш институти (MDIS Tashkent) туризм ва маданий мерос техникумлари билан келишувлар тузди.

Уч кун давомида алоҳида эътиборни 2,5 мингга яқин иштирокчини жамлаган Бўш иш ўринлари ярмаркаси тортди. Ярмарка туризм ва меҳмондўстлик соҳасида карьера қилишга қизиқаётган талабалар билан иш берувчилар ўртасидаги бевосита мулоқот учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.

"HoReCa Expo Uzbekistan 2025" Ўзбекистоннинг туризм, кадрлар тайёрлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги юксак салоҳиятини намоён этиб, йилнинг энг муҳим тармоқ ҳодисаси мақомини тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг