Ҳиндистондан Италиягача: Ўзбекистонга ўқиш мақсадида келган ТОП-20 давлат фуқаролари
Ҳиндистондан Италиягача: Ўзбекистонга ўқиш мақсадида келган ТОП-20 давлат фуқаролари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 37,2 минг нафар чет эл фуқаролари ўқиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 54,3 фоизга ошган бўлиб, бу хорижликлар орасида мамлакатнинг таълим имкониятларига қизиқиш сезиларли даражада ортганини кўрсатади.
Энг кўп талабалар Ҳиндистондан келган — 16,3 минг нафар. Иккинчи ўринда Туркманистон 8,9 минг фуқаро билан қайд этилган. Кейинги ўринларни Тожикистон — 2,7 минг, Покистон — 1,7 минг ва Хитой — 1,4 минг нафар билан эгаллаган.
Жанубий Кореядан 870 нафар, Қирғизистондан эса 823 нафар фуқаронинг Ўзбекистонга таълим олиш учун келгани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келган фуқаролар сони бўйича илк йигирматаликка Миср 737 нафар талаба билан, Филиппин — 501 нафар, АҚШ — 464 нафар ва Туркия — 357 нафар билан кирган.
Кейинги ўринларда Афғонистон — 291 нафар, Иордания — 194 нафар, Буюк Британия — 179 нафар ва Россия — 164 нафар фуқаро қайд этилган.
Африка ва Яқин Шарқ давлатлари орасида ЖАРдан 155 нафар, Эрондан эса 115 нафар талаба келгани маълум қилинган.
Рўйхатни Қозоғистон 113 нафар, Бангладеш 97 нафар ва Италия 94 нафар ўқувчи билан якунлаб берган.