Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнлари тартибга солинмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ялпи мажлисда “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, соҳага ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бироқ ҳозирги вақтда ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлақонли амалга оширилмаётгани уларда хавфли юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш ва эпизоотик барқарорликни кафолатли сақлаш имкониятини чекламоқда.
Шунингдек, идентификация жараёнлари рақамлаштирилмагани, маълумотлар базаси марказлаштирилмагани натижасида ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритишдаги муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.
Мазкур Қонунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, ваколатли давлат органи вакилининг ҳамда ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар ҳамда муддатлар белгиланмоқда.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирларни ташкил этиш, электрон ахборот тизимини мувофиқлаштириш ва реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш марказининг ваколати этиб белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши натижасида ҳайвонларнинг ҳисоби, уларнинг насли ва соғлиги тўғрисидаги ягона электрон базаси шаклланади, шунингдек, ҳайвонларнинг сақланиши ва ҳаракатлари (миграцияси) тартибга солинади ҳамда доимий мониторинг қилиш тизими яратилади.
Бундан ташқари, ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларга тўлиқ профилактик эмланишига эришилади. Натижада ҳайвонларнинг турли юқумли касалликларга чалиниши ва нобуд бўлиши олди олинади. Республикада эпизоотик ва эпидемик барқарорлик таъминланади.
Муҳокама якунида ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.