Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади
Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–47-сон, 25.03.2026 й.) қабул қилинди.
Қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилиш;
PM2.5 ва PM10 каби зарарли заррачаларнинг концентрациясини 20–25 фоизга камайтириш, иқлим шароити оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5–2°C гача пасайтириш имкониятини яратиш.
Фармонга кўра, дендрология боғлари мақомига кўра ботаника боғларига тенглаштирилади.
Ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш мақсадида ажратиладиган ер майдонлари, истисно тариқасида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловларидан озод қилинади.
Ботаника ва дендрология боғларининг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, иккиламчи ижарага бериш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш қатъий тақиқланади.
3 ой муддатда “Яшил чипта” тизими жорий қилинади. Бунда самолёт, поезд, метро ва такси йўналишларида маршрутнинг карбон изини (таъсирини) аниқлаш ва фойдаланувчиларга маршрутнинг табиатга таъсирини “яшил чипта” сотиб олиш орқали компенсация қилиш имкони берилади.
Ишлаб чиқариладиган, сақланадиган, ички ва ташқи бозорда реализация қилинадиган маҳсулотлар учун ишлаб чиқариш, сақлаш ва логистика жараёнларидаги карбон изини ҳисоблаб, харидорга маҳсулотнинг атроф-муҳитга таъсирини ихтиёрий равишда компенсация қилиш имконияти яратилади.
Карбон изи (таъсири) Экология қўмитаси томонидан тасдиқланган қўлланмага мувофиқ автоматик равишда аниқланади.
“Яшил чипта” олиш орқали табиатга етказилган зарар компенсациясидан тушган маблағлар Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасига ўтказилади ҳамда фақат дарахт кўчатларини экиш ва уларни парваришлаш тадбирларига йўналтирилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшаётган шахсларни қуйидагича рағбатлантириш ваколатлари берилади:
камида 100 та дарахт кўчатларини эккан шахсга ёки дарахт экиш учун “Яшил хайрия жамғармаси” платформасига камида 10 млн сўм ҳадя қилган шахсга “Экофаол фуқаро” мақомини бериш;
камида 1000 та дарахт кўчатлари экилишини ташкил қилган ёки “Яшил хайрия жамғармаси” платформасига камида 100 млн сўм ҳадя қилган тадбиркорларга “Экоҳамкор” мақомини бериш:
бунда тадбиркорларга ушбу мақомдан ўз фаолиятини реклама қилишда фойдаланиш ҳуқуқи берилади;
Экология қўмитаси томонидан тасдиқланмаган тақдирда экофаолият ва экоакцияларни ташкил қилиш ҳолатларини реклама қилиш реклама қонунчилигини бузиш деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади;
50 мингдан кам бўлмаган дарахт кўчатлари экилишини таъминлаган ёки “Яшил хайрия жамғармаси” платформасига камида 5 млрд сўм ҳадя қилган шахсларга меценат мақомини бериш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида 5 та яшил боғ ва яшил жамоат паркини ўз ҳисобидан барпо қилган шахсларга “Келажак бунёдкори” давлат мукофотини бериш бўйича таклиф киритиш.