“Ҳаж” зиёратига юборишга уринган “учарлар” ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ишчиси бўлган 1997 й.т. шахс Боёвут туманида яшовчи 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига “Ҳаж” зиёратига юбориш эвазига 12.800 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, мазкур турфирманинг 1980 ва 1994 йилларда туғилган 2 нафар ходими ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, зиёратга юбориш баҳонасида уларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш механизмини жорий қилганликлари аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарларнинг 2 нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва улардан жабр кўрган бошқа фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. шахс Тошлоқ туманида истиқомат қилучи фуқарони “Ҳаж” амалларини адо этиш учун муборак сафарга юбориш эвазига 11 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқа.