Hainan Xintanbo Investment компанияси Андижон вилоятида тўртта лойиҳани амалга оширмоқда
Hainan Xintanbo Investment компанияси Андижон вилоятида тўртта лойиҳани амалга оширмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги ва Хитойнинг «Hainan Xintanbo Investment» компанияси билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисида Битим имзоладилар.
Келишув доирасида Андижон вилоятида тўртта йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, улар қаторига Янги Андижон (Бобур) массивида кўп функцияли турар-жой мажмуасини қуриш, Хонободда халқаро логистика маркази («Қуруқ порт») ташкил этиш, «Сунъий кўл» туристик мажмуасини ривожлантириш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини барпо этиш киради.
«Hainan Xintanbo Investment» - йирик девелоперлик ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган Хитой инвестиция компаниясидир.
Инвестицияларнинг умумий ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошади. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши 2000 дан ортиқ янги иш ўринларини яратишга имкон беради, бу эса Андижон вилоятининг комплекс ривожланишига ҳамда Ўзбекистон-Хитой инвестициявий ҳамкорлигининг кенгайишига хизмат қилади.