Грузия делегатсияси Ўзбекистон фармацевтика саноатини кўздан кечирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери технопарки майдонида бўлиб ўтаётган саммит доирасида Грузия Республикасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини тартибга солиш давлат агентлиги ҳамда ушбу вазирлик вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов меҳмонлар билан суҳбат чоғида Ўзбекистон фармацевтика саноатининг жорий ҳолати ва “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери лойиҳаси доирасида инвесторлар учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Томонлар фармацевтика соҳасидаги таълим тизими ва PTU университети фаолияти, регулятор тизимлар ва стандартлар, жумладан EU GMP, US GMP/FDA, PIC/S аъзолиги, референт нарх белгилаш ҳамда параллел импорт масалалари юзасидан фикр алмашдилар.