Gree Electric Appliances компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишдан манфаатдор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 21 май куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов Хитой Халқ Республикасининг Gree Electric Appliances компаниясининг Марказий Осиё ва Украина бозорлари директори Жинг Суян билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Хитой компаниясига Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, жорий қилинган солиқ ва божхона имтиёзлари, саноат зоналарида ер участкалари ажратилиши ва инфратузилмавий имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Делегация вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, мамлакатимизда ҳам ички, ҳам ташқи бозорга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватларини яратишга катта қизиқиш билдирдилар. Томонлар муҳокама қилинган ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиради.
Gree Electric Appliances компанияси 1991 йилда Хитойнинг Чжухай шаҳрида ташкил этилган. У маиший кондиционерлар ва маиший техника ишлаб чиқарувчи дунёдаги етакчи компаниялардан биридир. Корхона ўз маҳсулотларини 160 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилади, 14 та ишлаб чиқариш базасига, 36 мингдан ортиқ патентга эга ва 80 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлайди.