Гонконг делегацияси Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, вилоятнинг сармоявий салоҳияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилоятига келган Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди ҳамда “Harvest Epoch Strategic (International) Investment Limited”, “JDB Group Limited”, “SRK Consulting” компаниялари вакилларидан иборат делегация Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Сурхон геология музейи фаолияти билан танишиб, воҳанинг бой табиий ресурслари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.
Ташриф доирасида ўтказилган тақдимотда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, фойдали қазилмалар заҳираси, инфратузилма имкониятлари, инвестиция учун истиқболли лойиҳа таклифлари тақдим этилди.
Ушбу учрашув университетнинг илмий салоҳиятини халқаро ҳамкорлик орқали янада мустаҳкамлаш ва янги инвестиция лойиҳалари ёрдамида таълим ҳамда илмий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.