Гиёҳвандлик воситалари ичимликлар, қувватлантирувчи озуқалар, қаҳва, ширинликлар таркибида ҳам учрамоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Инсоният дуч келаётган энг долзарб муаммолардан бири – бу гиёҳвандлик. Турли ёшдаги кишилар, айниқса, ёшлар орасида наркотик моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда деб UzA хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Муҳаммадқодир Маҳмудов гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланиши ва ёшлар орасида тарқалиши ҳолатлари ҳақида сўзлаб берди:
– Наркотиклар таъсирига билиб-билмай тушиб қолган ёшлар ҳаёти, келажаги барчани бирдай ўйлантиради, албатта. Бундай тубсиз жар томонга бораётганлар нафақат яқинлари, балки жамият учун ҳам зарар келтириши шубҳасиз.
Замон тараққий этгани, технология ва интернет ривожланиб боргани сайин гиёҳвандлик воситалари тарқатувчилар ҳам савдо кўринишини ўзгартириб, мураккаблаштириб бормоқда. Аввал қўлдан-қўлга ўтган оғу бугун номаълум локациялар ва ноаниқ шахслар томонидан тарқатилмоқда.
Юртимизда яширинча йўллар билан очилган нарколабораторияларда минглаб заҳри қотил дозаларини яратаётганларни ҳам, уларга буюртма бераётганларни ҳам аниқлаш мушкуллашиб бораётгани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугун наркотикларнинг шакли ҳам ўзгариб бормоқда. Авваллари гиёҳвандлик воситалари табиий кўринишда учраган бўлса, бугунги кунда турли маҳсулотлар таркибида, жумладан, ичимликлар, қувватлантирувчи озуқалар, қаҳва, ширинликлар ва шу каби маҳсулотлар таркибида учраётгани даҳшатлидир. Битта истеъмолдаёқ ўзига қарам қилувчи воситалар жинс, ёш, ижтимоий қатлам танламаяпти.
Ноқонуний, яширин нарколабораторияларда тайёрланаётган препаратлар эса юқоридагиларданда хавфлироқдир. Ҳаттоки, битта доза истеъмоли ўлим билан якун топиши ҳам мумкин. Рақамларга назар солсак, 2024 йил давомида 5 та, 2025 йил 6 ойида эса 8 та нарколаборатория аниқланган.
Муаммонинг яна бир хавфли томони – ота-оналар иш ва бошқа муаммолар билан бўлиб, фарзандларининг оғу таъсирига тушиб қолганидан хабарсиз қолмоқда. Сабаби, бугунги наркотиклар аввалгиси каби ўзини тезда намоён қилмайди.
Илгари “наркоман” деганда, кўз ости қорайган, томирларида игна излари бор одамлар тушунилган. Ҳозир эса наркотик истеъмол қилган ёшлар ҳаддан ортиқ серҳаракат, фаол ва сергак бўлиб қолади. Бу эса ота-оналарни шубҳалантирмаслиги турган гап. Боладаги ижобий ўзгариш барчани мамнун қилиб, унинг бирор модда истеъмол қилиши мумкинлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Аммо бу вақтинча ҳолат. Вақт ўтиши билан пайдо бўлган оғриқлар, азоблар ва руҳиятдаги кескин ўзгариш айрим ёшларни суицидга бошлаётгани аянчлидир.
Гиёҳвандлик воситаларининг истеъмоли ортгани сари наркожиноятлар сони ҳам ошиб бормоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг саъй-ҳаракати натижасида жорий йилда аниқланган наркожиноятлар ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган.
Наркотикларни сотишни касб қилганлар наркокурьер сифатида талабаларни танлаётгани кузатилмоқда. Олий ўқув юртига қабул қилинган ва келажакда бир касбнинг эгаси бўлиши кутилаётган ёшларнинг боши берк кўчага кираётгани уларнинг ҳаётини салбий томонга ўзгартираётгани долзарб муаммодир. Жорий йил 6 ойида 46 нафар олий ўқув юрти талабаси наркожиноятларнинг олди-сотдисига аралашиб қолгани шуни кўрсатиб турибди.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиш ҳам, унга қарамликнинг оқибати ҳам аянчлидир. Шу сабабли, ҳар биримиз, айниқса, ота-оналаримиз огоҳ бўлиши, фарзандларига бефарқ бўлмаслиги мақсадга мувофиқ.