Гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2024 йилда 5 та ғайриқонуний нарколаборатория фаолияти фош этилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида мазкур кўрсаткич 12 тага етган. Бу эса мавжуд таҳдидларни олдини олиш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда ҳуқуқий таъсир чораларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодекси аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятларга оид алоҳида боб билан тўлдирилиб, аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф солувчи жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи янги моддалар киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексига наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ҳамда ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги нормалар белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, бу турдаги жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини асраш, шунингдек, гиёҳванд моддаларнинг қонунга хилоф муомаласини чеклашга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириши билан аҳамиятлидир.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.