Валюта курслари 05/12/2025
$1 – 11963.23
UZS – 0.43%
€1 – 13970.66
UZS – 0.7%
₽1 – 155.35
UZS – 1.28%
Қидириш
Германияда Ўзбекистон маҳсулотларининг биринчи расмий савдо уйи ва кўргазма зали очилди

Германияда Ўзбекистон маҳсулотларининг биринчи расмий савдо уйи ва кўргазма зали очилди

Германияда Ўзбекистон маҳсулотларининг биринчи расмий савдо уйи ва кўргазма зали очилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Германия пойтахти Берлин шаҳри марказида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ҳамда немис ишбилармонлари ташаббуси билан юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этиладиган “UZ Trade House Germany” илк савдо уйи ва шоу-руми тантанали равишда очилди.

Савдо уйи Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Германия Федератив Республикасидаги расмий ваколатхонаси сифатида фаолият юритади.

Шоу-рум Берлиннинг қоқ марказида — “Бранденбург дарвозаси” ёнидаги энг нуфузли меҳмонхоналардан бири “Adlon” биносида жойлашган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника ва бошқа саноат тармоқлари бўйича экспортбоп маҳсулотлари доимий равишда намойиш этилади.

Шу муносабат билан 2 декабрь куни Германия расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда ватандошларимиз иштирокида мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва туризм салоҳиятини тарғиб этишга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Д.Ахатов, Германия кичик ва ўрта бизнес федерал уюшмаси раҳбари А.Ян, Германия Бундестагининг Иқтисодиёт ва энергетика қўмитаси аъзоси С.Людвиг, шунингдек “UZ Trade House Germany” савдо уйи раҳбари Ж.Бакос нутқ сўзладилар.

Эндиликда юртимиз фирма ва компаниялари савдо уйи билан ҳамкорлик ўрнатиб, нафақат маҳсулотларини Германия ва бошқа немисзабон мамлакатларга экспорт қилишлари, балки хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этишлари ҳам мумкин бўлади.

Савдо уйи директори Ж.Бакоснинг таъкидлашича, “UZ Trade House Germany” Ўзбекистонда “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Германия бозорига етказиб беришда ўзбек ва немис компаниялари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради ҳамда икки давлат бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг