Геосиёсий кескинлик фонида олтин нархи рекорд даражага чиқиб, илк бор унцияси 5100 доллардан ошди
Геосиёсий кескинлик фонида олтин нархи рекорд даражага чиқиб, илк бор унцияси 5100 доллардан ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Биржа савдоларида олтин нархи навбатдаги тарихий максимумни янгилаб, илк марта унцияси 5100 доллар чегарасидан ошди.
26 январь куни эрталаб қимматбаҳо металл нархи унцияси учун 5110,50 долларгача етди. Шу билан бирга, кумуш ва платина бозорларида ҳам ўсиш кузатилиб, улар ҳам ўз тарихий рекордларини янгилади.
2025 йил давомида олтин қиймати 64 фоизга ошди, бу эса 1979 йилдан бери кузатилган энг йирик йиллик ўсиш ҳисобланади.
Агентлик маълумотларига кўра, бундай жадал ўсишнинг асосий омиллари сифатида олтинга ҳимоявий актив сифатидаги юқори талаб, АҚШда пул-кредит сиёсатининг юмшатилиши, марказий банклар томонидан фаол харидлар ва биржа фондларига рекорд даражада маблағлар кириб келаётгани қайд этилмоқда. 2026 йил бошидан бери олтин нархи аллақачон 18 фоиздан ортиққа ошган.
Reuters таъкидлашича, таҳлилчилар халқаро беқарорлик, иқтисодий ноаниқлик ҳамда марказий банклар ва чакана инвесторлар томонидан юқори талаб сақланиб қолиши туфайли 2026 йилда олтин нархи унцияси учун 6000 долларгача кўтарилишини кутмоқда.
Қимматбаҳо металлар нархининг ўсиши жаҳон молия бозорларидаги беқарорлик давом этаётганини ҳамда олтин капитални ҳимоя қилишда асосий восита сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолаётганини кўрсатмоқда.