Газ таъминоти одатдаги тартибда амалга ошмоқда — «Hududgaztaminot»
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Hududgaztaminot» АЖ ижтимоий тармоқларда тарқалган «метан заправкаларга лимит қўйилмоқда, улар фаолияти тўхтатилиши мумкин» ҳақидаги хабарларни рад этди. Компания бу хабарлар мутлақо асоссиз эканлигини таъкидлади.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида газ таъминоти тизимидаги айрим газ тақсимлаш станцияларида техник-профилактика ишлари амалга оширилган, деб хабар берди «Hududgaztaminot».Таъмирлаш ишлари олиб борилган вақтда газ босими пасайгани сабабли айрим метан заправкалар фаолиятида қисқа муддатли узилишлар кузатилган.
«Вақтинчалик ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўраймиз. Ҳозирда республика бўйича «метан заправкалар» белгиланган тартибда фаолият юритмоқда. Табиий газ уларга газ таъминоти корхоналари билан тузилган шартномалар асосида етказиб берилмоқда.», — дейилади компания хабарида.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда ёлғон ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиш орқали аҳоли орасида саросима ва шубҳа уйғотиш ҳолатлари қонун билан тақиқлангани, ҳамда бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтди.