ФВВ қутқарувчилари Жиззах вилоятида қор бўронида қолиб кетган фуқароларни эвакуация қилди
ФВВ қутқарувчилари Жиззах вилоятида қор бўронида қолиб кетган фуқароларни эвакуация қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 январидан 25 январига ўтар кечаси Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Фориш туманидаги «Қораобдол ота» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида кучли шамол ва қор бўрони оқибатида бир нечта транспорт воситаларининг ҳаракати қийинлашгани ҳақида хабар келиб тушди, деб хабар беради Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.
Ҳайдовчилар ва йўловчилар мураккаб вазиятда қолиб кетган.
Ҳодиса жойига зудлик билан ФВВнинг қутқарув бўлинмалари йўналтирилди.
Махсус техника ёрдамида фавқулодда хизмат ходимлари ноқулай об-ҳаво шароити туфайли транспорт воситалари тўсилиб қолган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиб, уларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилди.
Ҳодиса натижасида жабрланганлар қайд этилмади. Вазият тезкор равишда назоратга олинди.