Валюта курслари 01/05/2025
$1 – 12920.16
UZS – -0.1%
€1 – 14681.18
UZS – -0.26%
₽1 – 158.61
UZS – 0.21%
Қидириш
Ўзбекистон 30/04/2025 Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, шунингдек жамоатчилик назоратини, ижтимоий шерикликни такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга ижтимоий-иқтисодий соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини аниқ белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни кўриб чиқмаганлик, ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлиги учун жавобгарлиги қайта кўриб чиқилмоқда.

“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига давлат органлари томонидан бевосита давлат ижтимоий буюртмалари берилишининг янги механизмлари белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг мажбуриятлари, уларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари қайта кўрилиб, қайта рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божи миқдори, шунингдек ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартиби аниқлаштирилмоқда.

“Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонунга жамоат фонди муассислигига бўлган талаблар кучайтирилишини, жамоат фондини давлат рўйхатидан ўтказиш шартлари ва тартиби аниқлаштирилишини, жамоат фондининг мол-мулкидан фойдаланиш янада эркинлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бир календарь йилда банк ҳисобварақларида пул айланмаси мавжуд бўлмаган жамоат фонди учун ушбу календарь йилда ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.

“Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга хайрия қутиларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи, олинган ҳомийлик хайрияларини ҳисобга олиш ва улар тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ҳамда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини такомиллаштирувчи нормалар киритилмоқда.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ушбу Қонун фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга, унинг самарадорлигини оширишга, шунингдек ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокама сўнгида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг