Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонун муҳокама марказида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 7-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратишга, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” тамойили асосида уни янги босқичга кўтаришга, суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Мазкур Қонун ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодекси янги боб билан тўлдирилиб, унда Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш мақсади ва асослари, Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш, бундай илтимосномани кўриб чиқиш, суд ажрими, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш ёки чеклашни рад этиш каби нормалар баён этилган.
Бундан ташқари, “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга судлар томонидан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш, шунингдек, прокурорлар томонидан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш ва рози бўлган тақдирда судларга киритишни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга, одил судловнинг сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.