 
                            
                                Фуқароларнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш кафолатлари кучайтирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 11-ялпи мажлисида “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу Қонун ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Лекин кам таъминланган шахслар Конституциявий судга мурожаат қилганда уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш амалдаги қонунда ўз аксини топмаган.
Мазкур Қонун тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштиришни назарда тутади. Жумладан:
– Конституциявий суд шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради;
– кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этсалар, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонуннинг қабул қилиниши Конституциянинг 55-моддасида белгиланган – ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли деган норманинг ижро қилинишига, фуқароларнинг қонунларда бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятининг кенгайишига хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.