“Фуқаролар тасвиридан фойдаланишга розилик бериш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киритилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Мамлакатимизда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, уларни ишончли ҳимоя қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи янада мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугунги жадал ахборот-коммуникация даврида айрим ҳолларда шахсларнинг тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи уни амалга ошириш механизмлари билан таъминланмагани сабабли айрим ҳолларда чекланмоқда.
Лойиҳада шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш мажбурий шартлиги, ушбу муносабатларда вояга етмаган болалар мустақил ҳуқуқ субъекти эканлиги, тасвирга олиш ва ундан рухсатсиз фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар доираси белгиланмоқда.
Шунингдек, видеокузатувни амалга оширишда шахсий дахлсизликни таъминлашга оид талаблар, тасвирдан рухсатсиз фойдаланилганда келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар аниқ белгиланиб, меҳнат муносабатларида тасвирдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқлаштирилмоқда.
Мажлисда депутатлар айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволлар беришди. Лойиҳа матнини янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди.
Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.