Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси бошчилигидаги делегация Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлигида Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Валид Фук бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистоннинг рақамли соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлари, шунингдек, мамлакатнинг космик дастурдаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Томонлар рақамли технологиялар ва космик соҳада ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашувда инновацион ечимлар, сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида истиқболдаги йўналишлар ҳамда қўшма лойиҳалар имкониятлари кўриб чиқилди.
Ташриф давомида меҳмонларга IT Park резидентлари томонидан ишлаб чиқилган замонавий рақамли ечимлар, инновацион технологиялар ҳамда космик тадқиқотларга оид лойиҳалар намойиш этилди. Делегация аъзолари, шунингдек, мутахассисларнинг иш жараёнини кузатди ва уларнинг илғор ғоялари ҳамда янги ташаббуслари ҳақида маълумот олдилар.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда янги ташаббусларни биргаликда амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.