Франция ва Фарғона вилояти таълим ва виночилик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Франция ва Фарғона вилояти таълим ва виночилик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Франция ва Фарғона вилояти таълим ва виночилик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятига амалий ташриф билан келган Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук ташриф дастури доирасида бугун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашди.

Учрашув чоғида сўнгги йилларда Франция ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳа ва йўналишларда ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар нафақат тармоқлар, балки ҳудудлар кесимида ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга мустаҳкам замин яратаётгани қайд этилди.

Мулоқотда Франциянинг «Пома» компанияси Фарғонада туризм комплексларини барпо этишда фаол иштирок этаётгани мисол сифатида келтирилди. Шунингдек, виночилик соҳасида ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани айтилди.

Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, шунингдек, бошланғич ва олий таълим йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи Валид Фук виночилик соҳасини ривожлантиришда Франция тажрибасини оммалаштириш, замонавий узумчилик ва виночилик технологияларини жорий этиш орқали маҳсулотлар экспортини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда фестиваль ўтказилаётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Франция олий таълим муассасаларига ўзбек талабаларини, айниқса магистратура босқичида кенгроқ жалб этиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.

Бу борада Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, француз тилига ихтисослашган мактаблар ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади. Жумладан, Фарғонада ўтказилиши режалаштирилаётган виночилик фестивалига француз ишбилармонларини таклиф этиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Фарғона водийси ва унга чегарадош ҳудудлар билан биродарлашган шаҳарлар доирасида ҳам яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани эътироф этилди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида чора-тадбирлар белгиланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг