FlyArystan Алмати–Самарқанд йўналишида парвозларни тиклади
FlyArystan Алмати–Самарқанд йўналишида парвозларни тиклади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 март куни Самарқанд халқаро аэропортида FlyArystan лоукостер авиакомпаниясининг «Алмати – Самарқанд – Алмати» йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсини ишга туширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги Бош консули Талгат Шарипов, FlyArystan ва Air Marakanda компаниялари раҳбарияти, шунингдек расмий меҳмонлар, ҳамкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қозоғистон Бош консули мазкур рейснинг қайта йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, туристик, таълимий ва маданий алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Самарқанд – Алмати рейсининг биринчи йўловчисига «FlyArystan» компаниясидан бепул авиачипта сертификати топширилди, Air Marakanda эса CIP-залдан фойдаланиш имкониятини тақдим этди.
Мазкур йўналиш бўйича тўғридан-тўғри рейслар ҳафтасига икки марта — сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади, бу эса Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ўртасида бизнес, туризм ва илмий-таълимий алмашинувни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратади.