Фирибгарликда айбланаётган уч нафар Ўзбекистон фуқароси Туркиядан депортация қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган қўшма тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган уч нафар фуқаро республикага депортация қилинди.
Ўзбекистонга Бухоро вилоятида 1982 йилда таваллуд топган Арабов Ганижон Муродиллоевич, Самарқанд вилоятида 1992 йилда туғилган Бобоюсупова Шохиста Тўхсанбой қизи ва Навоий вилоятида 1970 йилда таваллуд топган Мукимова Гулзода Хушвактовна олиб келинди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мазкур шахслар ҳаракатларидан жабрланган фуқароларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки мамлакатнинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилишга чорлади.
Вазирлик таъкидлашича, хорижда яшириниб юрган шахсларга нисбатан жиноий таъқиб изчил давом эттирилади ва жазодан қочиш мумкин эмаслиги тамойили ўз кучида қолади.
Шу билан бирга, консулхонага фирибгарлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар сони ортиб бораётганини ҳисобга олиб, фуқароларга эҳтиёткор бўлиш ва жиноятчи схемаларнинг қурбонига айланмаслик қатъий тавсия этилмоқда.