 
                            
                                Финляндиянинг «Valtrа» компанияси билан истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Финляндиянинг машҳур «Valtra» компанияси бош директори Микко Лехикойнен билан учрашди. Мулоқотда томонлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, истиқболли лойиҳаларни тизимли амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув аввалида мамлакатимизда рақамли трансформация, аниқ деҳқончилик технологиялари, ҳамда замонавий техника ечимларини жорий этиш йўналишларида «Валтра» билан ўзаро тажриба алмашиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича илғор ёндашувлар муҳокама қилинди.
«Valtra» – дунё миқёсида тан олинган AGCO корпорациясининг глобал бренди бўлиб, у қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларини ишлаб чиқишда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Компания фаолияти нафақат деҳқончилик, балки коммунал хўжалик, ўрмон хўжалиги, мудофаа ва аэропорт инфратузилмаси соҳаларини ҳам қамраб олади.
AGCO корпорацияси 2024 йилда 11,2 миллиард евро айланмага эришган бўлиб, «Valtra» Европа бозорида компания даромадининг салмоқли қисмини таъминлаб келмоқда.
Суҳбат чоғида вазир ҳар икки томон манфаатларига мос ҳамкорлик лойиҳаларини амалиётга тезроқ жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни мамлакат аграр тармоғига жалб этиш йўлида ҳар томонлама институционал ва ташкилий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Мулоқот якунида эса томонлар муҳокама қилинган масалалар ечимини таъминлаш, ҳамкорлик асосида замонавий техникалар ишлаб чиқариш жараёнини босқичма-босқич амалга оширишга келишиб олдилар.