"Fergana Exim Agro" МЧЖ томонидан Швецияга қовун экспорт қилинмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида фаолият юритаётган “Fergana Exim Agro” МЧЖ томонидан мева-сабзавотлар ва қуритилган мевалар дунё бозорларига муваффақиятли экспорт қилиб келинмоқда.
Жумладан, компания томонидан Швеция бозорига «Торпеда» ва «Оби-новвот» навли қовунлар етказиб берилди. Мамлакат пойтахти Стокголмда ушбу қовунлар харидорлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Сифати юқори баҳоланган қовунларга талаб ошиб, биринчи партиядан сўнг қўшимча 20 тонна қовунга буюртма берилди.
Компания раҳбари Ёрқин Иномовга кўра, Швеция бозори ўзбекистонлик қовун етиштирувчилар учун истиқболли йўналишга айланиши мумкин. Унинг таъкидлашича, бундай экспортлар орқали ўзбек қовуни Европада кенг оммалашиши кутилмоқда.
“Fergana Exim Agro” бундан аввал Японияга ҳам “Меер лимони”ни муваффақиятли экспорт қилган эди.